Янги замонавий "Silk Road Family Resort" дам олиш маскани очилмоқда.

16 август куни бухоролик фаол тадбикорлар томонидан Навоий вилояти, Қизилтепа тумани ҳудудида жойлашган Тўдакўл сув омборини энг сўнгги замон талабларига мос равишда соҳил дам олиш масканига айлантирилган "Silk Road Family Resort" сайёҳлик пляж зонасининг расмий очилиш маросими ўтказилади. Очилиш маросими Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Бухоро вилоят департаменти ҳамда Навоий вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов яқинда Бухоро вилоятига ташрифи давомида маҳаллий мутасаддилар иштирокида қатор сайёҳлик объектлари сингари мазкур дам олиш масканида ҳам бўлиб, олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишган ва зарур тавсияларни берган эди.

Жаҳон талабларига жавоб берувчи ушбу дам олиш маскани лойиҳасига кўра, олиб борилган қурилиш жараёнлари якунида соҳил бўйида барпо этилаётган пляж дам олиш соғломлаштириш маскани ва аквапаркнинг умумий қиймати 6 млн долларни ташкил этади.

Шунингдек, ушбу сайёҳлик объекти пляж, бассейн, аквапарк, кичик  «Диснейланд», 50 ўринга мўлжалланган меҳмонхона, дам олиш тапчанлари, ресторан, ёзги терасса, SPA-салон, табиат қўйнидаги ўйингоҳ, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт майдони, автотураргоҳ ва махсус сув транспортлари каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади. Очиқ осмон остида ўтказиладиган бир-биридан қизиқарли концерт ва шоу дастурлари меҳмонларнинг мароқли дам олиши учун хизмат қилади.