"Кумуш қиш" фотокўргазмаси ташкиллаштирилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан 2021 йилнинг 23-февраль куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, фоторассом Махсет Хабибуллаевнинг ижодий асарларидан иборат «Кумуш қиш» номли онлайн фотокўргазмаси ташкиллаштирилди. Кўргазмадан фоторассомнинг 40 дан ортиқ қиш мавсумининг ўзига хос бетакрор манзараларини ўзида мужассам этган асарлари ўрин олган.

Кўргазмани ташкиллаштиришдан асосий мақсад фото асарлар орқали юртимизда қиш мавсумининг ўзига хос, одамни ҳайратга солувчи манзараларини кўрсатиш орқали халқимиз, қолаверса ёш авлодда ватанга,  табиятимизга бўлган мухаббат,  фақирланиш ва хурмат туйғуларини уйғотишдан иборат.

Хабибуллаев Махсетбай Есемуратович 1975 йил 27 сентябрда Қорақалпоғистон Республикаси, Чимбой туманида туғилган. Маълумоти олий. 1998 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаган.

М.Хабибуллаев меҳнат фаолиятини 1999 йили Қорақалпоғистон радиоканалида муҳаррир бўлиб ишлашдан бошлаган. 1999-2007 йилларда Қорақалпоғистон радиоканалининг «Ижтимоий-иқтисодиёт», «Адабиёт ва маърифат» таҳрирятларида бир қатор эшиттиришларни тайёрлаб борган.    2007-2009 йилларда Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида пресс-секретар лавозимида ишлаган. 2009-2012 йилларда Қорақалпоғистон Давлат Улкашунослик музейида катта илмий ходим, бўлим мудири лавозимларида фаолият кўрсатган. 2012 йилнинг декабр ойидан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикасидаги  фотомуҳбири лавозимида ишлаб келмоқда.