Тахиатошлик нуронийлар тарих музейида

Маълумки, нуронийларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ўтган йили ноябрь ойи "Кексалар туризми ойлиги" деб эълон қилинган эди. Тадбир доирасида мамлакат бўйлаб кекса авлод вакилларининг саёҳатларини рағбатлантириш мақсадида транспорт хизматлари,  бир  қатор жойлаштириш воситалари ва умумий овқатланиш жойлари томонидан чегирмалар эълон қилинди. Мамлакатимиз бўйлаб вилоят ва туманлараро саёҳатлар ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси ҳам бундан мустасно эмас. Республикадаги маданий объектлар ва муқаддас қадамжолар, хусусан Миздакхан зиёрат мажмуаси, И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи каби туристик объектларга нуронийларимиз ташриф буюришди.

Қўмита ташаббуси билан бошлаб юборилган ушбу тадбирлар мана 2021 йилда ҳам давом этмоқда жумладан, 2 февраль куни Тахиатош тумани қариялар ва меҳнат фахрийлари санаторийида даволанаётган бир гуруҳ нуронийлар  Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейига саёҳат қилишди. Музей бўйлаб экскурсия давомида кекса авлод вакиллари Қорақалпоғистон Республикасининг тарихига оид экспонатлар билан танишди, шунингдек ўтмишни ёдга олиб ўзаро фикр алмашди.

Қорақалпоғистон Республикаси туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармасининг ахборот хизмати