Талаба ёшлар Қатағон қурбонлари хотираси музейида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини  абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ф-5598-сонли Фармойиши билан Маҳалла аҳолиси, айниқса ёшларни Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошидаги бўлимларига саёҳатларини уюштириш белгиланган.

Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан Қорақалпоқ давлат университети тасарруфидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи бошқарманинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида, шунингдек маҳаллий блогерлар томонидан ҳам кенг тарғибот қилиб келинмоқда.

Бугунги кунда  ушбу музейга ҳудуддаги бир қатор олий таълим муассасалари томонидан талабалар учун саёҳатлар ташкиллаштирилмоқда. Шулар қаторида жорий йил 19 январь куни Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали Агроинженерия ва инвестициявий фаолияти факультетининг 1 босқич талабалари мазкур музейга ташриф буюришди.

Экскурсия давомида талабалар ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида мардона кураш олиб борган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимизнинг фаолияти ва мероси  билан яқиндан танишишди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармасининг ахборот хизмати