Нукусга "Электрооко" поп-рок гуруҳи ташриф буюрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда янги лойиҳани йўлга қўймоқда. Декабрь ойида Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Нукус ва Тошкент театрлари ёшларга тўлади. Тошкент шаҳрида поп-рок йўналишида ижод қилувчи “Электрооко” гуруҳи 1-13 декабрь кунлари Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб тури доирасида мусиқий чиқишлар ва таълимга оид маърузалар ташкил қилади.

“Back To The Theater” турининг мақсади – сифатли ҳамда жонли мусиқа янгровчи ёрқин чиқишлар орқали ёшларни давлат театрларига қайтариш, шунингдек ички туризмни ривожлантириш. Гуруҳ мамлакат бўйлаб брендланган микроавтобусда ҳаракатланади, ҳар куни саёҳат ҳақида Youtube’да реалити-шоу форматидаги видеоси билан бўлишади.

Мусиқий гуруҳ етакчилари Ашот Даниелян ва Никита Макаренко ҳар бир шаҳарда таълим маърузалари, замонавий мусиқани яратиш ва уни тарғиб қилиш сирлари ҳақида сўз юритишади.

“Биз ҳудудлардаги пандемия даврида тўхтаб қолган маданий ҳаётни бироз бўлса-да жонлантиришга қарор қилдик. Биз ёшларга янги ва ноодатий чиқишларимизни намойиш қилиб, ўз тафтимиз билан одамлар қалбига илиқлик улашмоқчимиз. Бу жуда муҳим. Ёшлигимда ўзим ҳам шундай концертга борганман ва бу менинг ҳаётимни ўзгартирган. Биз ўз мисолимизда Ўзбекистонда долзарб мусиқа яратиш мумкинлигини кўрсатиб бермоқчимиз”, - деди “Электрооко” гуруҳи продюсери ва гитаристи, таниқли журналист Никита Макаренко.

Барча тадбирлар эпидемиологик талабларга мувофиқ, томошабинларни ижтимоий масофа сақлаган ҳолда жойлаштириб ўтказилади. Чипталар нархи 15 минг сўмни ташкил қилади, маблағларнинг бари ҳудудлардаги театрларнинг ўзида уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун қолдирилади.

Бундан ташқари, мусиқий гуруҳ Ўзбекистоннинг у қадар машҳур бўлмаган туристик масканларида жонли мусиқа таратиб, тур давомида ўзининг янги қўшиқларига тўрт кичик клипни намойиш қилади.

“Мамлакатимиздаги мусиқачилар ҳудудлар бўйлаб автобусда турларга боришмайди. Лекин мен айнан шундай форматдаги, киноларда кўрганимдек турни уюштириш ҳақида орзу қилганман. Мен Ўзбекистоннинг гўзал масканлари ва Фарғона, Самарқанд, Бухоро ҳамда Нукусдаги бири-биридан ажойиб одамлар билан учрашувни орзиқиб кутяпман”, - деди гуруҳ қўшиқлари муаллифи, вокалист ва гитарист Ашот Даниелян.

Гуруҳнинг ҳаракатланиши ва жойлашув манзиллари ҳамда тадбирларнинг бошланиш вақтини Electrooko.com сайти ҳамда унинг YouTube, Telegram, Facebook ва Instagram саҳифаларидан кузатишингиз мумкин.

“Back To The Theater” тури шунингдек Ўзбекистоннинг Швейцариядаги элчихонасининг Швейцария ҳамкорлик бюроси, шунингдек “KNAUF”, “Makro”, “YAMAHA Tashkent” ва “IOSIS” компаниялари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Медиа-ҳамкорлар - Repost.uz, Teznews.uz, TBLD.uz ва Troll.uz.

Тур жадвали:

2 декабрь (соат 17:00). Фарғона вилояти рус драма театри. Касса рақами: +998 90 537 82 37

5 декабрь (соат 18:00). Самарқанд вилояти рус драма театри Касса рақами: +998 90 600 17 26

8 декабрь (соат 17:00). Бухоро вилояти мусиқа-драма театри. Касса рақами: +9998 93 689 13 13

11 декабрь (соат 18:00). Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқий театр. Касса рақами: +998 91 384 70 69

13 декабрь (соат 18:00). Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри. Касса рақами: +99871 2441087